Реклама
» » ​Алишер Узоқов аёллар, фарзандлари, ёзаётган шеърлари ва ижоди борасидаги саволларга жавоб берди

​Алишер Узоқов аёллар, фарзандлари, ёзаётган шеърлари ва ижоди борасидаги саволларга жавоб берди



Алишер Узоқовни комедик роллари билан аёлларимизни турмушнинг ташвишларидан озми-кўпми чалғита олган, юзимизга табассум югуртирган. Энг асосийси, биз севган шахс — Заҳириддин Муҳаммад Бобурни саҳнада гавдалантираяпти. Пойтахтнинг бетакрор гўшаси – «Тошкент гуллари» дўконида ўтказилган фотосессиядан сўнг бир финжон қаҳва устида “Сўғдиёна” газетаси ижодкорлари билан кечган суҳбат сизга манзур бўлади деган умиддамиз.

— Гуллар — сиз эркакларнинг асосий қуролингиз. Бир дона атиргул билан аёл кўнглини забт этишингиз, меҳрини қозонишингиз мумкин. Бежиримгина гулдастани кўрган аёл ёрининг бор гуноҳларини афт этиши ҳам ажабланарли ҳолатмас. Унинг ифори бахтнинг ифоридек, қўлимизга олишимиз билан бахтни ҳис қила бошлаймиз.

— Биз эса шу ҳиссиёт абадий бўлишини истаймиз. Бугун гул совға қилдикми, у орқали тақдим этган қувончимиз қанийди аёлларни ҳеч тарк этмаса... Бироқ аёлларнинг ажойиб одати бор-да, тез унутиб юборишади. Бир дона атиргулми, бир қучоқми — уни қўлга олганларингизда кўзларингиз яшнаб кетиши бизни ҳам мамнун қилади! Шу завқни ушлаб қолинг. Арзимас сабаблар туфайли эсдан чиқариб юборманг. Шунда сизни ҳамиша гул билан хушнуд этгимиз келади.

— Сизнингча, аёл киши ҳар доим кулиб туриши керак экан-да...

— Албатта, бу аёлларнинг вазифаси.

— Эркаклар-чи?

— Шартмас. Бизнинг табиатимиз шунақа — бироз жиззакироқмиз.

— Алишер, сизга ўзингизни тушуниш қийинми ёки нозик ҳилқат вакилаларини?

— Ўзимни ҳамон тушунмайман. Баъзи вазиятларда нима истаётганимни билмай қийналаман. Аёлларни тушуниш эса осон.

— Йўғей, кўпчилик бунинг аксини айтади...

— Менимча, аёл кишига хўп дейиш керак. Баҳслашиш, тортишиш бефойда. Мана, сизларни тушунишнинг йўли.

— Илк бор кимга гул совға қилганингизни эслай оласизми?

— Онамга бўлса керак. Боғча пайтларимда, адашмасам.

— Болаларингизга қараб қандай ҳақиқатларни англаяпсиз?

— Вақт жуда тез ўтаётганини, қариётганимни тушунаяпман. Кечагина чақалоқ бўлган болаларимнинг бирпасда тили чиқди, бугун югургилаб юришибди.

— Қаришдан қўрқасизми?

— Йўқ. Қўрқсам-қўрқмасам, барибир, вақтни тўхтатиб қололмайман-ку.

— Комплексларингиз...

— Ҳозир деярли йўқ. Аввалари бор эди. Улғайганингиз сари ҳаётнинг асл моҳиятини англаб бораркансиз. Бу ҳаётда ким биландир тортишиб, ўзингизни исботлашга уринишлар бефойда. Шу ҳақиқатни англагач, ўзимни боримча қабул қила бошладим. Комплексларим ҳам йўқолди, ўзим тугул бошқаларнинг камчиликлари ҳам кўзимга кўринмай қолди.

— Охирги пайтларда ижтимоий тармоқларга шеърларингизни қўя бошладингиз...

— Аввалига беъмани ижод намуналарига кесатиқ тарзида шеър қоралаб юрдим. Ижодни ўйин билаётганларга кўзгу тутмоқчи эдим. Ҳали-вери фикрларим уларга етиб бормайди. Лекин кўрасиз, бу шеърлар яшайди. Мухлисларимнинг ёзганларимга муносабат билдираётганларидан илҳомланиб, ёзишда давом этаяпман. Ўзимнинг услубимни топгандекман...

— Алишер, сиз ўзини ҳар жабҳада синаб кўришдан чарчамайдиганлардансиз. Одамларнинг ҳали хонандаликка, ҳали футболга ўзингизни уришингизни қабул қилмасликларидан чўчимайсизми? Танқидлар ҳам етарлича бўлди, адашмасам.

— Кўзим етган ишгагина қўл ураман. Агар одамлар нима деркан, деб ўтирсам, ҳеч нарса қилмаслигим керак. Мен болалигимдан яхши кўрган, қизиққан машғулотларим билан шуғулланиб кўришга ўрганганман. Кичкиналигимда телевизорнинг овозини пастлаб, фильмларни дубляж қилардим, футбол шарҳлардим. Қилаётган барча ишим уларга бўлган муҳаббатим туфайли, асло машҳур бўлиш, танилиш йўлидаги ҳар томонга ўзни уриш эмас. Танқидга келсак, ҳеч кимнинг оғзига элак тутиб бўлмайди. Бошқаларнинг фикри билан танлаган йўлингиздан чекинсангиз, ҳеч қачон ҳеч нарсага эриша олмайсиз.

— Фарзандларингизга ҳам яхши кўрган ишлари билан шуғулланишга имкон бераяпсизми?

— Албатта. Умуман, ҳар бир ота-она фарзандининг қизиқишларидан келиб чиқиб, турли соҳаларга йўналтириб кўриши керак. Иқтидори намоён бўлгани билан эса шуғулланишга рухсат бериши лозим. Шунда у ёмон йўлларга юрмайди, ташқи таъсирларга берилмайди. Ўзини излайди.

— Сизнинг қарашларингизни ўзгартирган, улғайтирган воқеалар.

— Бўлган. Кўп бўлган. Отамнинг вафотидан кейин бирдан улғайдим. Танаффусдаги уч йилим ҳам осон кечмади. Биласизми, хонандалар саҳнадан узоқлашишса ҳам, ижод қилаверишлари мумкин. Қўшиқлар ёзади, куйлайди, клиплар суратга олади, интернетга жойлайди. Мухлислари чин бўлса, ўзлари топиб, эшитаверишади. Мен актёрман, камера, кино билан тирикман. Ижоддан бирдан тўхтаб қолганим ҳаётга нисбатан қарашларимни ўзгартирди. Олдинлари ҳамма нарсага енгилроқ қарардим-да. Тўғри, тушкунлик ботқоғига ботиб ўтирмадим. Сценарий ёздим. Изландим. Оқ-қорани ажрата бошладим. Атрофимдагиларнинг муносабати ойдинлашди. Ҳар неда ҳикмат борлигига яна бир бор амин бўлдим.

— Суҳбатлардан бирида келажагингизни режиссурада кўришингизни айтгандингиз. Бу борада қандай янгиликлар кутилаяпти?

— Янгилик йўқ эмас, аммо энди шошмайман. «Кузда гуллаган дарахт» устида ҳам оз-мунча вақт ишламагандим. Яқин кунларда янги сценарийни тугаллаб, суратга олиш ишларини бошлаймиз. Комедия жанридаги фильм бўлади. Назаримда, мухлислар комедик қиёфамни соғинишган. Комедиянинг номи «Музлаган».

— «Музлаган»?! Бу ишчи номми?

— Йўқ, аниқ номи шу. Нега деган саволингизга эса фильмни кўрганда жавоб топасиз.

— Бундан уч-тўрт йил олдин деярли барча кино афишаларида кулиб турган Алишер Узоқов йиғлаб ҳам турадими?

— Ҳа, фақат саҳнада. Мирзо Бобур билан йиғлаяпман.

— Мирзо Бобур роли...

— Болаликдан кутганим. Мана энди менга шундай катта роллар насиб этаяпти. Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек шахсларни саҳнада ижро этиш аввало актёрнинг ўзига кўп сабоқ беради. Режиссёр Баҳодир Йўлдошев тўрт ёшимда, илк бор театр саҳнага олиб чиққанди. «Келинлар қўзғолони»дан кейин — йигирма саккиз йил ўтиб, бу буюк санъаткор билан ишлаш бахтига яна муяссар бўлдим.

— Баҳодир Йўлдошев сизда қандай хислатларни тарбиялаяпти?

— Эрталаб эрта уйғонишни бошладим. Журналистларга сир эмас, то тушгача вокал дарсларига қатнашадиган, нутқи устида ишлайдиган ижодкорларни топиш қийин. Баҳодир ака вақтни қадрлашни ва бошқаларнинг вақтини ўғриламасликни талаб қилади. Вақтида театрга етиб келиб, саҳнада туришимиз шарт.

— «Дийдор» театр студиясида дублёрингиз Адиз Ражабов талқинида Бобур...

— Бухоролик Бобур (кулади). Адиз маҳоратли актёр. Фикримча, унинг ижросида қатъиятли шоҳ Бобурни кўрасиз. Ўзимни ўзим баҳолай олмайман-у, аммо менинг талқинимда бобокалонимизнинг кўнгил одами, шоир эканлигига урғу бергандекман.

— Эшитишимча, «Дийдор»да машҳур «Аршин мал алан» мусиқий асари ҳам саҳналаштирилаётган экан? Сизни қайси образда кўрамиз?

— Султонбек, чол образида (кулади). Ҳозир қўшиқларни ёд олаяпмиз. Минг марта томоша қилган бошқа экан-у, унинг ичида ўзингизнинг яшашингиз бошқача экан. Роса қизиқ.

— Яқинда «Оскар» мукофотининг тақдирлаш маросими бўлди. Жеки Чанга махсус мукофот топширилди. Сизнинг назарингизда, бизда Голиввуду Болливуднинг манаман деган актёрларидан кам бўлмаган санъаткорлар кимлар?

— Халқимизда санъатга мойиллик кучли. Ҳақиқий истеъдод эгаси бўлган ижодкорлар талайгина. Фақат имкониятлар унчалик кенгмас ҳозирча. Мен Фарҳод Абдуллаев, Беҳзод Муҳаммадкаримовни алоҳида эътироф этаман. Уларда қаҳрамонни ҳис қилиш туйғуси кучли.

— Айтганингиздек, санъатга иштиёқимиз баландлигидан кино оламида ҳам янги фильмлар премьераси қаторлашиб кетаяпти. Улар ичида охирги марта сизни таъсирлантирган фильм?

— (ўйланиб) Ёлқин Тўйчиевнинг «Маъсума»сидан томошабин сифатида ҳам, кино вакили сифатида ҳам таъсирландим. Ёлқин аканинг услубини ҳурмат қиламан. Фильмини шунчаки томоша қилмайсиз, ўйга чўмасиз. Сизни турфа фикрлар, саволлар қамраб олади ва узоқ вақт қўйиб юбормайди. Режиссура бўйича кўп нарса олдим ўзимга. Актриса Шаҳзода Матчановада катта ўсиш кузатилган. Халқимизнинг севимли санъаткори Дилбар Икромованинг тамоман янги қиёфаси, роли ҳайрон қолдирди. Ёлқин ака актёр-актрисаларни танлашни билади. Дилбар опани «Маъсума»даги қаҳрамони образида кўриш менинг хаёлимга ҳам келмасди.

— Сиз учун бирор ролни ўзингиз танлашингиз муҳимми ё сизни танлашлари?

— Мени танлашлари муҳим. Бу сизга ишонч билдирилаётганидан дарак беради. Ишончни оқлаш учун эса чин дилдан ҳаракат қиласиз. Режиссёр битта ролга кимнидир тасдиқлагунча бир неча актёрларни кўриб чиқади. Тўхталган ижодкорига ишонади, ундан табиий ва маромига етказилган ижрони кутади.

— Кимларни тинглайсиз?

— Насиба Абдуллаеванинг ижодини жуда яхши кўраман. Қалбининг гўзаллиги қўшиқларига кўчган. Кўнглингизга баҳорий туйғуларни олиб киради. Севара Назархоннинг ширали ва дардли овози ёқади. Дард ҳеч бир юракка бегона эмас. Шунга ҳам Севарани тинглаш билан руҳан ором олсам керак. Жаҳонгир Отажоновнинг ҳам мухлисиман. Ўзгача санъаткор.

— Ҳа, Жаҳонгир Отажанов ўзини қолипларга солмаган.

— Айтаяпман-ку, ўзгача деб. Ижодкор учун эркинлик жуда муҳим. Эркинликни ҳис қилган санъаткор кўнглига қарши бориб куйламайди...

— Алишер, сизга ҳам кўнглингизга қулоқ тутиб яшашни тилаб қоламиз. Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!


Шоира ШАГИАҲМЕДОВА суҳбатлашди.


Manba: Darakchi
27-05-2017, 00:35
Автор: XoRaZm
Просмотров: 4 410
Рейтинг:
Нашли ошибку?   


Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.
Комментарии 1


Оставить комментарий
Ваше имя: *
Ваш e-mail: *
Текст комментария:
Код: Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Введите код:

[an error occurred while processing the directive]